6та шаҳар «саноатнинг таянч шаҳарлари»га айлантирилади-Шавкат Мирзиёев

6та шаҳар «саноатнинг таянч шаҳарлари»га айлантирилади-Шавкат Мирзиёев


Мамлакатимизнинг янги саноат сиёсатини амалга оширишни, биринчи бўлиб Тошкент вилоятидан бошлаймиз. Бу дегани, мавжуд табиий ресурслар негизида йирик, энг замонавий жиҳозланган корхоналарни ташкил этиш, саноат зоналарида кооперация асосида талаб юқори бўлган ва рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ўзаро боғлиқ бўлган тармоқлар ўртасида илм-фан, инновация, инжинирингни қамраб оладиган саноат кластерларини ташкил этиш, саноатнинг барча тармоқлари учун, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, малакали кадрларни тайёрлаш ва танлаш тизимини йўлга қўйишдан иборат.

Вилоятда келгуси беш йилда умумий қиймати 20 миллиард доллар бўлган 8 мингта йирик, ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 180 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилади. Биринчи навбатда, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарлари “саноатнинг таянч шаҳарлари”га айлантирилади. Бунда, Олмалиқ, Ангрен ва Оҳангаронда “йирик мис кластери” корхоналари ташкил этилади.

Эътиборингизга битта рақамни келтирмоқчиман. Нуфузли халқаро компаниялар билан олиб борилган геологик изланишлар натижасида, Олмалиқда мис ва бошқа хомашёнинг 45 миллион тоннадан ортиқ ёки 700 миллиард долларлик ялпи захираси аниқланди. Бу аниқланган захиралар бўйича биз дунёдаги энг етакчи давлатлар қаторидан ўрин эгалладик. Шу боис, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан қиймати қарийб 8 миллиард доллар бўлган лойиҳа доирасида 3- ва 4-мис бойитиш фабрикалари, карьер ва мис эритиш заводи қурилиб, йилига 160 миллион тонна рудани қайта ишлаш ва 400 минг тонна мис ҳамда олтин, кумуш, молибден ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шунингдек, Ангренда 160 гектар майдонда йирик саноат зонаси барпо этилади. Унда 200 минг тонна мис қайта ишланиб, мис фольгаси, аккумулятор, қуёш ва шамол энергетикаси, электромобиллар учун бутловчи қисмлар ҳамда тоғ-кон саноати учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 3 мингта иш ўрни яратилади. Умуман, ташкил этиладиган бу “мис мега кластерида” ишлаб чиқариш ҳажми 13 миллиард долларни ташкил этиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши қарийб 10 фоизга етади.

Ушбу саноат шаҳарларида йилига 10 минг ёшларни бевосита кластер корхоналарига боғлаган ҳолда, касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш тизими йўлга қўйилади. Бунда, олий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва кластер корхоналари буюртмаси асосида ташкил этилади.

Оҳангарон ва Пскент туманларида рангли металлар захираларини аниқлаш ва кўпайтириш бўйича 35 та геологик изланишлар амалга оширилади ва бунга 2 триллион сўм ажратилади. Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарларини инновацион кимё саноати марказига айлантирамиз. Унда “Химград” иқтисодий зонаси ташкил этилиб, хорижий инвесторлар билан бирга, 500 миллион долларлик 35 та лойиҳа амалга оширилади.

Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция эвазига, “яшил технологиялар” асосида, аммиак, карбамид ва аммофос ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Улуғбек шаҳарчасида 8 минг талабага мўлжалланган 3 та олийгоҳ, яъни Россиянинг Менделеев кимё университети, Венгриянинг Дебрецен университети ва Тошкент кимё технологиялари институти, нуфузли илмий ташкилотлар ва лабораторияларни ўз ичига олган кимё-саноати илмий кластери ташкил этилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!