Бугун, таассуфки, ижтимоий тармоқларда ёхуд интернет оммавий ахборот воситаларида турли нохуш ҳолатлар ҳақида ўқияпмиз. Хусусан, ҳали эскириб улгурмаган воқеа – Хоразмда ярим-яланғоч қизларнинг сумалак пишириши ҳам қалбимизга оғриқ солгани тайин. Бу шуни англатадики, ота-боболаримиздан қолган қадриятларимиз, инсонийликка йўғрилган одатларимиз ўз қадрини йўқотиб бормоқда.
КЎЗГУДАГИ ДОҒЛАР
Ўзбекнинг ўз қадриятлари бор. Миллий урф-одатларимиз тўйларимизда, базмларимизда акс этарди. Лекин бугунги кунда “оммавий маданият”нинг жирканч иллатлари қадриятларимизнинг ўрнини “эгалламоқда”. Ёшлигимиздаги тўйлар билан бугунги тўйлар орасида катта фарқ бор. Бугун ёшларимиз Европадан келаётган зарарли воқеликларни одат тусига киритишмоқда. “Love story”, “горка” каби уятли иллатлар бир пайтлар етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган. Бугун эса ёшларимиз бу одатларни худдики оддий воқеликдек қабул қилишмоқда. Бу жуда ҳам ачинарли, албатта. Қадриятлар миллатнинг кўзгуси. Халқ қадриятларида ўз аксини кўради. Афсуски, бугун ана шу кўзгуга доғ тушмоқда. Бу шундай доғки, вақтида кетказмасангиз, қалинлашиб бораверади. Бугун ана шу фожиа юз бераётгандек, қадриятларимиз устуни тобора нураб бораётгандек.
САБАБИ НИМАДА?
Тарбия оиладан бошланади. Қадриятларимизнинг қадрсизланишига асосий сабаб оилалардаги тарбиянинг “замонавийлашиб” бораётганида. Ёшлигимизда бизга “Ўзингдан каттага жой бер, ўзингдан каттага салом бер”, деб уқтиришарди ота-онамиз. Аммо бугун бу панд-насиҳам ҳамма оилада ҳам янграйвермайди. Бунинг натижаси ўлароқ ёшлар орасида катталарга ҳурмат ҳисси йўқолиб бормоқда. Жамоат транспортларида ёши катта аёллару эркакларга, ҳатто ҳомиладор аёлларга ҳам жой беришни ўзига “эп кўрмайдиган” ёшларимизни учратишга одатланиб қолдик.
Яна бир сабаб, шак-шубҳасиз, хорижий сериаллар. Бугун ўзбек сериалидаги “қайнотанинг келинига тегажоғлик қилиши”, “уканинг аканинг хотинига кўз олайтириши” ва шунга ўхшаш менталитетимизга тўғри келмайдиган “европача” одатлар чет эл сериалларидан “ўрнак олиш” натижасидир. Ўз навбатида телевизорда хиёнатни, бузуқликни кўраверган боланинг дийдаси қотади, у учун бу тушунча оддий ҳолатга айланади. Қарабсизки, “оила – муқаддас”, “хиёнат оилани бузади”, “бегона аёл номаҳрам” каби ота-боболаримиз кафтида асраб келган қадриятлар йўқолиб бораверади. Оддий мисол. Ёшлигимизда ўғил болалар қиз болаларга “пардасизроқ” ҳазил қилса, қизлар кескин жавоб қайтарар, нафратини яширмасди. Бугун эса бепарда гапларни одатий ҳолдек қабул қиладиган қизлар, уятсиз гапларни, қилиқларни оддий ҳолдек бажарадиган йигитлар истаганча топилади. Бунинг олдини олиш учун, аввало, оиладаги тарбияни мустаҳкамлаш лозим.
КЕЙИНГИ БЕКАТ – ...
Агар бугунги авлод қадриятларимизга нисбатан шунақа муносабатда бўлишда давом этаверса, эртанги кунимиз қандай бўлишини тасаввур қилишга ҳам қўрқасан киши. Тўғри, бу бир қарашда кичик нарсадек ва ҳатто бачкана гапдек туйилар, лекин ҳар қайси миллатнинг асосий қудрати, кучи маънавиятидир, маънавият эса миллий қадриятлари билан тирик.
Бугун замон шиддатли, тараққиётни истасак-да тўхтата олмаймиз. Ижобий жиҳатлар билан бирга бу ривожланишнинг салбий иллатлари ҳам етарлича. Асосийси, кенг уммондан тиниқ сув билан лойқа сувни ажрата билишдир. Бугун интернет бор, бугун телеканаллар кўп, бугун алоқа воситалари бисёр. Бугун ана шу воситалардан ўз ўрнида фойдаланиб, маънавий жиҳатдан юксак чўққига эришиш мумкин. Ўз навбатида бугун бу воситалардан ноўрин фойдаланиш тубсиз жарликка етаклаши ҳам муқаррар.
Мен XXI аср фарзандиман, деб кўнглига келган ишни қилаётган, мен замонавий инсонман деб қадриятларимизга тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларни бажараётган, мен эркин шахсман, 18 ёшдан кейин мустақилман, деб ота-онасига гап қайтариб, ҳатто уларга қўл кўтараётган, демократия деб жирканч ишлардан ҳам тап тортмаётган ёшларга мурожаатим шу: вақтида кўзингизни очинг! Ён-атрофга қаранг, бугун хоҳиш-истакларига эрк берган ёшлар эртага нима бўлмоқда? Бугун замонавий машҳурлик – “лайк” учун ҳаётини хавф остига қўяётганлар нимага эришмоқда? Яқинда қайсидир вилоятда йигит қизни ўзига турмушга чиқишга мажбурлаб, ўғирлаб кетди. Қиз эса ундан амаллаб қутулди. Хўш, йигит бу билан нимага эришди? Жазосини олди, холос. Бундай бебошликларнинг сабаби нима? Сабаби қадриятларга, ўзлигимизга ҳурматсизлик. Ахир ота-боболаримиз қиз боланинг шаънини, иффатини доим асраб келишган. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифа ҳам шу.
Ёки Тошкентнинг ўзида бир неча марта масжидларда ўғирлик содир бўлди. Бир пайтлар бундай воқеаларни эшитсак, ҳайратдан ёқа ушлардик. Бугун эса таассуфки оддий ҳолдек қараяпмиз. Ваҳоланки, биз иймони бутун миллатмиз. Қадриятларимиз ҳам инсонийликка, иймонга йўғрилган. Миллийлигимиздан воз кечишнинг оқибати эса турли жиноятларга сабаб бўлмоқда, ёшларимизни тубанлик сари етакламоқда.
ЁН-АТРОФДА КИМЛАР БОР, ҚАРАНГ...
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг таянчи сифатида маънавиятга, қадриятларга урғу берганида ҳақ эди. Президентнинг: «Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас”, деган фикрлари замирида аччиқ ҳақиқат ётибди. Ён-атрофингизга қаранг, орамизда ўзи ҳам тушунмайдиган ва ҳатто жуда қўпол сўзлар ёзилган либосларни бемалол кийиб юрадиганлар, таржимаси жуда уятли бўлган чет эл сўзларини оддий сўздек ишлатадиган йигитлар ва ҳатто қизлар, спиртли ичимликларга муккасидан кетган аёллар, байрамларда алкогол ичишни одат қилган қизлар, энг ёмони ўз фарзандини қандайдир пулларга сотиб юборишдан тап тортмайдиган ва ҳатто бола туғиб, ўз боласини сотишни бизнесга айлантириб олган инсонлар кўпаймоқда.
Келинг, юқоридаги иллатларга қарши курашни бугун бошлайлик. Эртага кеч бўлиши ҳеч гап эмас, негаки шундоқ ҳам анчагина вақт йўқотдик.
Дурдона АБДУСАМАТОВА,
ЎзМТДП Шайхонтоҳур туман Кенгаши ижрочи котиби