Олий Мажлиснинг мудроқ босаётган депутатлари кимлар?..

Олий Мажлиснинг мудроқ босаётган депутатлари кимлар?..

Ёхуд ижтимоий тармоқда ўқувчиларга эга бўлмаган депутатлар сайловларда шунча одамнинг ишончини қандай олган экан?

Бугун Олий Мажлис депутатларидан фақатгина парламент деворлари ортида эмас, балки ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлиш сўралмоқда. Аслида-ку уларни парламент ичида ҳам фаол бўлганларини кузатаётганимиз йўқ. Расул Кушербаев, Алишер Қодиров, Дониёр Ғаниевдан бошқа Қонунчилик палатаси вакилларини сайловчилар кўп ҳам билавермайди.

Расул Кушербаев жонкуярлик, халқ дардига ҳамроҳлиги билан машҳур бўлса, Алишер Қодировнинг постлари доим қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Дониёр Ғаниев эса жамоатчилик эътиборидаги масалага асосли фактлар билан муносабат билдириши билан ажралиб туради.

Афсуски, бошқа халқ вакиллари очиқ, ўткир фикр-мулоҳазалари билан бўлишишга чўчиб туришади. Ҳозирда Расул Кушербаев телеграмида 44,9 минг, Дониёр Ғаниевда 5 мингга яқин Алишер Қодировда эса 3 минг нафардан зиёд кузатувчиси бор. Бошқа, айниқса фейсбук тармоғида бу депутатлар постлари минглаб ўқувчиларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлади.

Қонунчилик палатасининг аёл вакилалари эса нима учундир кузатувчиларни кўпайтиришда фаол эмас.

Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Махфурат Хушвақтова. 2020 йил 28 апрелда очилган телеграм каналининг 158 та аъзоси бор. Унда қўйилаётган фикрлар доимий равишда расмий хабарлар, Муборак туманида эсаётган шамолдан иборат бўлиб қолмоқда. Махфурат Хушвақтова баъзида об-ҳаво маълумотларини қўйиб боришга ҳам қизиқиб туради ҳамда оммавий ахборот воситалари материалларини ҳам бўлишиб туради. Аммо, каналда Махфурат Жабборованинг шахсий фикр ва мулоҳазаларини учратмайсиз. Депутатнинг одамлари кам бўлишига қарамай реклама маълумотларини ҳам бериб боради. Шунингдек, у бошқа партия вакилларининг қарашларини ҳам фаол “реклама” қилиб боришни канда қилмайди.

Бу ўринда “Адолат” партияси вакили Хушвақтова бошқа партия фаоли Кушербаев ва Дониёр Ғаниевларнинг мулоҳазаларини фаол тарғиб қилиб, партиявий ҳамжиҳатлик тамойилларини ҳам бузади. Аввало, бу депутатнинг расмий каналими, деган савол туғилади.

Бир маротаба ўтган йили 11 апрелда ўзи сайланган округ сайловчиларига пандемия шароитида уйда қолиш ва зарур чора-тадбирларни кўриш юзасидан Мурожаати эълон қилинган. 7 июлда “Адолат” газетасида чекка ҳудудлардаги кадрлар етишмовчилигини қандай ҳал этиш мумкинлиги ҳақида таҳлилий мақола расмга олиб қўйилган холос.

29 августда эса давлат мустақиллигига бағишланган мақолада тадбиркорлик фаолияти, солиқ қонунчилик ва имтиёзлар хусусида сўз боради. 11 октябрдаги мақолада эса Хотин-қизларга Олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга киришга 4 фоизли имтиёзнинг Қашқадарё вилоятида мисолидаги аҳамияти, 12 октябрда эса Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар ва касаба уюшмаларидан иборати ишчи гуруҳининг пахта даласидаги теримчилар билан учрашувлари ҳақида постлари бор. 18 ноябрда депутатнинг телеграмдаги фаолияти даврида ягона таҳлилий материали – давлат бюджет ижроси фракция ва партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таҳлил этилади. 8 декабрда депутатнинг parliament.gov.uz, adolat.uz да чоп этилган мақолалари ҳавола этилади. Бир сўз билан айтганда Олий Мажлис депутати Хушвақтованинг телеграм канали адади кундан кунга ғариблашиб бораётган Республика газета саҳифаларини эслатади.

Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” партиясининг яна бир аъзоси Дилрабо Журабековна ҳам 20 июлда телеграм канал очган ва ҳозирда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси саналади. У атиги 127 нафар аъзога эга ва унинг канали ниҳоятда суст юритилади. Асосан бошқа каналлар маълумотларини фаол бўлишиб туради.

29 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайти – parliament.gov.uz да эълон қилинган инсон ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга доир ҳамда 28 июлда худди шу ресурсда эълон қилинган ва илм-фаннинг қишлоқ хўжалигига айланиши мавзуидаги мақоладан ташқари деярли ҳеч нарса йўқ.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси аъзоси бўлган Қизилгул Қосимова Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси. Атиги 80 нафар аъзоси бўлган канални 3 январдагина очган. “Ўзбекистон 24” каналида 6 январда берилган Президент Мурожаатномасига муносабат-интервьюдан бошқа тайинли материалнинг ўзи йўқ. Назаримизда Қизилгул Қосимова “Ўзбекистон 24” каналига берган интервьюсини сақлаб қўйиш учунгина канал очиб қўйган кўринади. Чунки, унинг кейинги постлари деярли аҳамиятсиз ва тушунарсиз.

Бахитбай Алдамуратов Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг фракцияси аъзоси ўз каналини 24 ноябрда очган ва ҳозиргача бор йўғи 7 та аъзоси бор.

Асосан kruz.uz, kun.uz, uzlidep.uz сайтларидан иловалар берилади. Январь ойидан бир оз фаоллик сезилади-ю, бироқ фойдаланувчиларнинг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

Минг афсуски, Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси, «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси, Илҳом Абдуллаевнинг телеграм каналини топа олмадик. Ваҳоланки, кўп йиллик депутатлик тажрибасига эга, сиёсий фанлар номзоди ўзи ташаббускор ва бош-қош бўлиши керак эмасми? Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзосининг ўзининг ижтимоий тармоқда ахборот беришдан қочиши, темирчи тақага, бўзчи белбоққа ёлчимагандек иш эмасми?..

Қонунчилик палатаси депутатларининг балки тармоқ юритишдан кўра бошқа муҳимроқ ишлари кўпдир. Лекин, бугунги кунда депутатларнинг сайловчилар билан интерактив муносабат ўрнатиб туришида ижтимоий тармоқда канал юритиш оптимал ечимлардан бири бўлиб қолмоқда. Сайловчилар овозини йиққан депутатлар бир кичик блогерчалик ҳам бўла олмайдими? Депутатлар ўз партияси позициясини, ғояларини тарғиб қила олмай Расул Кушербаевнинг постлари билан чекланиб қолишлари ҳам ачинарли аҳвол. Одамлар орасидан халқ вакили бўлиб, овоз тўплаб ажралиб чиққан одамнинг атрофдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга нисбатан ўз қарашлари ҳам бўлиши керак эмасми?

Қонунчилик палатаси вакилларининг ўз овози, мулоҳазаси бўлмаса улар парламентдаги курсларини банд қилиб ўтиришларидан фойда нима? Ижтимоий тармоқдаги мулоҳаза-ку майли, аксарият депутатларга микрофон тутилганда ҳам тайинли бир гап айта олишмайди. Бугун, Парламентнинг аксарият депутатлари ахборот майдонини ўта субъектив фикрларга суянадиган блогерларга бўшатиб келмоқда.

Manba: Rost24.uz


21:15 15.01.2021
Фикрлар ёпилди