Дунёнинг энг бой одами ва унинг собиқ рафиқаси бир ҳафтада 12 млрд долларга бойиди

Дунёнинг энг бой одами ва унинг собиқ рафиқаси бир ҳафтада 12 млрд долларга бойиди

"Amazon" асосчиси ва бош директори Жефф Безос ва унинг собиқ рафиқаси Маккензи Скоттнинг бойлиги бир ҳафта ичида қарийб 12 миллиард долларга кўпайди, деб хабар қилади "Forbes" журналига таяниб "sof.uz". 

Сайёрамизнинг энг бой одами етти кунда бойлигини $8,8 млрд.га оширган ва ҳозирда, "Forbes Real-Time" маълумотларига кўра, $193,1 млрд.ни ташкил қилади. Унинг собиқ хотини, Amazon ширкатининг 4% акцияси эгасининг бойлиги эса $3 млрд.га кўпайди (жами бойлиги - $62,2 млрд).

Бир ҳафтада "Amazon" акциялари нархи 5% га қимматлади. Фақатгина 9 октябрь, жума куни компания "Amazon Prime" фойдаланувчилари учун 13 ва 14 октябрь кунлари сотиладиган кўплаб электроника ва бошқа товарларга чегирмалар берилишини эълон қилганидан кейин улар 3 фоизга кўтарилди.

Бошқа йирик технологик компанияларнинг ҳам эгалари бойиди. Ўтган ҳафта уларнинг акциялари Дональд Трамп коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлардан кейин тушиб кетган эди, аммо бу ҳафта кўтарилди. Хусусан, "Microsoft" ҳаммуассиси Билл Гейтснинг бойлиги бир ҳафтада $2,1 млрд.га ($117,2 млрд.гача) кўпайди, компаниянинг собиқ раҳбари Стив Балмерники эса $2,6 млрд.га ($73,4 млрд.гача). Microsoft акциялари етти кун ичида 4,7% га қимматлашди. Ушбу ҳафта компания ўйин консоллари ва ўйинлар ишлаб чиқарувчи ва сотувчи тармоқ "GameStop" билан ҳамкорлик қилиши ҳақида эълон қилди.

"Tesla" асосчиси ва бош ижрочи директори Илон Маск $3,5 млрд.га (90,8 миллиард долларга) ўсди, бу қисман муҳим рақобатнинг йўқлиги туфайли "Tesla"нинг акцияларининг нархи 578 долларга кўтарилишини башорат қилган New Street таҳлилчиси туфайли содир бўлди. "Tesla" акциялари жума куни ёпилишида донаси 434 доллардан сотилди.

"Alphabet" ("Google"нинг бош компанияси) ширкати акциялари компаниянинг ўзини ўзи бошқарадиган автомобил ишлаб чиқарувчиси "Waymo" ўзининг ҳайдовчисиз такси хизматини намойиш қилганидан сўнг бир ҳафта ичида 3,9 фоизга ўсди. Натижада "Google" асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Бриннинг бойликлари мос равишда $2,3 млрд. ва $2,1 млрд.га ошди. Пейжнинг капитали 67,7 миллиард долларга, Бриннинг капитали эса 65,8 миллиард долларга ўсди.


06:00 13.10.2020
Фикрлар ёпилди