Коронавирус: БААда антирекорд қайд этилди, аммо янги карантинни жорий этмасликка қарор қилди

Коронавирус:  БААда антирекорд қайд этилди, аммо  янги карантинни жорий этмасликка қарор қилди

Бирлашган Араб Амирликларининг Фавқулодда вазиятлар, инқироз ва табиий офатлар бўйича миллий бошқармаси COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётган бир пайтда қатъий карантин ёки янги комендантлик соати жорий этишни режалаштирмаяпти.

БААнинг Соғлиқни сақлаш ва профилактика вазирлиги расмий вакили, доктор Фарида Ал Хосанийнинг матбуот анжуманида хабар қилишича, ўтган кун давомида COVID-19 билан касалланишнинг 910та янги ҳолати аниқланди, бу сўнгги ойлар ичидаги антирекорддир. Юқтириш ҳолатларининг умумий сони 76 911 кишига етди, 67 945 бемор тўлиқ соғайди ва 398 киши коронавирус инфекциясининг асоратларидан вафот этди.

Вазирлик вакили БААдаги мактаблар COVID-19 ҳолатлари аниқланган тақдирда 14 кунга ёпилишини таъкидлади. Шунингдек, у коронавирус ташувчилари билан мулоқотда бўлган барчани 14 кун давомида, ҳатто тест салбий натижа кўрсатган тақдирда ҳам, ўзини яккалашга чақирди.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, юқтириш ҳолатларининг 88 фоизи оммавий йиғилишлар, мажлислар, шу жумладан, тўйларда содир бўлган. Юқтириш ҳолатларининг атиги 12 фоизи чет элдан қайтиб келган саёҳатчиларда қайд этилган. Шу муносабат билан соғлиқни сақлаш идоралари барча маҳаллий аҳолини коронавируснинг олдини олиш қоидаларига қатъий риоя этишга чақирмоқда: ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни тез-тез ювиш ва ўзини ёмон ҳис қилса уйдан чиқмаслик.


11:23 12.09.2020
Фикрлар ёпилди