Бугун Ҳиросимага атом бомба тушганига 75 йил тўлди

Бугун Ҳиросимага атом бомба тушганига 75 йил тўлди

6 август пайшанба куни Япониянинг Ҳиросима шаҳрига АҚШ томонидан атом бомба ташланганига 75 йил тўлди. Шу муносабат билан Ҳиросимада хотирлаш маросимми бўлиб ўтди ва унда мамлакат Бош Вазири Синдзо Абе ҳам қатнашди.

Одатда ушбу маросимда қатнашиш учун Ҳиросимадаги Тинчлик Боғига минглаб одамлар йиғилади. Лекин бу йил коронавирус пандемияси туфайли бундай бўлмади. Боғга кириб, хотирлаш маросимида қатнашиш учун фақат ушбу портлашда омон қолганлар ва уларнинг оилаларигагина рухсат берилди.

“1945 йилнинг 6 августида биргина бомба бизнинг шаҳримизни вайрон қилганди. Ўша пайтда бу ерда 75 йил мобайнида ҳеч қандай ўсимлик ўсмаслиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Лекин Ҳиросима тикланди ва тинчлик рамзига айланди” дейди майор Казуми Мацуйи.

1945 йилнинг 6 августида эрталабки соат 8:15 да АҚШнинг В-29 ҳарбий самолёти “Кичкина бола” деб номланган атом бомбани 350 минг киши истиқомат қилувчи Ҳиросимага ташлади. Натижада, шаҳар бутунлай вайрон бўлди ва портлашдан омон қолганларнинг кўплари ҳам жароҳатлардан ва радиация нурларидан келиб чиққан касалликлардан ҳалок бўлди.

“Миллатчиликнинг кучайиши Иккинчи Жаҳон Урушини келтириб чиқарди ва унда атом бомбаларидан фойдаланилди. Биз энди ҳеч қачон бу қонли ўтмишнинг такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Фуқаролик жамияти фақат ўзининг манфаатлари учун курашадиган миллатчиликни рад этиши ва барча хавф-хатарга қарши бирлашиши керак” дея қўшимча қилган майор Казуми.

1945 йилнинг 6 августида Ҳиросимага атом бомба ташланган бўлса, 9 августга келиб Нагасакига ҳам шундай бомба ташланди. Оқибатда, Нагасакида 75 минг киши ҳалок бўлди. Шундан олти кун ўтиб Япония мағлубиятни тан олди ва шу билан Иккинчи Жаҳон Уруши тугади.


18:29 06.08.2020
Фикрлар ёпилди