Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда коронавирус инфекциясини даволаш ва касалликни олдини олиш бўйича саволларга жавоб қайтарилди.
- Касал бўлдим, ёш болаларим бор. Уларни назоратсиз қолдира олмайман. Нима қилай?
- Болалар билан яқин алоқада инфекция юқтиришдан сақланишнинг имкони йўқ.
Агар изоляцияланиш имкониятингиз бўлмаса, болалар ҳам инфекция юқтиришлари эҳтимоли катта. Чунки вируснинг юқумлилиги ўта юқори.
Ҳатто мунтазам ҳимоя чоралари: қўлни совунлаб ювиш, ниқоб тақиш, санитайзерлар, тузли эритмалар ҳам битта жойда бўлганда инфекция юқишидан ҳимоя қила олмайди.
Шу ўринда унутмаслик керак, болалар COVID-19 асосан симптомларсиз ёки енгил формада ўтказишади.
Фақат тумов, иситма кўтарилиши, томоқ қирилиши, ич қотиши каби аломатлар кузатилиши мумкин. Бироқ аксарият ҳолатларда болалар ўзларини яхши ҳис қилишади ва катталарга қараганда кучли лоҳаслик ёки иштаҳа йўқолиши каби белгилар кузатилмайди.
Аломатлар пайдо бўлганда симптоматик даволаш: суюқлик ичириб болани терлатиш, бурунни тузли эритмада чайиш, иситма 38,5 дан юқори кўтарилганда - болалар парацетамоли бериш зарур.