Ўзбекистонда суғурта компаниялари ишлаяпти....ми? (2-қисм)

Ўзбекистонда суғурта компаниялари ишлаяпти....ми? (2-қисм)

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикасида автотранспорт эгаларининг учинчи шахслар олдидаги жавобгарлиги мажбурий суғурта (ОСАГО) қилинади. Боиси, “Транспорт воситалари эгалари фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади жабрланувчиларга етказилган зарар қопланишини кафолатлашдир. Шу сабабли, айбдорлигидан қатъий назар, учинчи шахсларга етказилган зарар суғурта компанияси томонидан қопланади. 

Тасаввур қилайлик, “Дамас” автомобиль ҳайдовчисининг айби билан “Малибу” автомашинаси ва унинг ичидаги шахсларга жиддий зарар етди. Бундай ҳолатда айбдор томон зарарни қоплаш учун маблағи етмаслиги мумкин. Оқибатда учунчи шахсларнинг мулки ёки соғлиғига етказилган зарар ўз вақтида ёки умуман қопланмаслиги мумкин (агар ҳодиса оқибатида айбдор шахс вафот этса). Мана шундай ҳолатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда суғурта ишончи вакил ҳисобланади. Шунинг учун, мазкур суғурта полиси мажбурий этиб белгиланган.

Айтиш ўринли, ҳайдовчиларнинг аксарияти суғурта ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Автомашина мажбурий суғурталанган бўлса, бу ҳолатда фақат учунчи шахслар учун тўлов амалга оширилишини таъкидлаш лозим. Ҳайдовчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз мулкига етган зарар қопланишни исташади. Бунинг учун, КАСКО - яъни транспорт воситаларининг ихтиёрий суғуртаси мавжуд. Бунда суғурта жавобгарлиги автомашинаси баҳосининг 100 фоизи миқдоригача олиб бориш мумкин. КАСКОнинг нархи автотранспорт воситаси эгаси ва суғурта ташкилоти ўртасидаги тузилган шартномага кўра белгиланади. Масалан, 100 миллион сўмлик транспорт воситасини 100 фоизли суғуртавий ҳимоялаш полиси ўртача 1-1,2 миллион сўм атрофида бўлади. Шу суғурта туридан фойдаланилган тақдирга, автомобиль ҳар қандай ҳодисалардан ҳимояланган ҳисобланади.

Албатта, муаммолар ҳам талайгина, биринчи навбатда суғуртанинг афзалликлари ҳақидаги маълумотларни тарғибот-ташвиқот ишлари сустлиги, аҳолимизга содда қилиб, суғуртанинг мазмун-моҳиятини етказиш, суғурта маҳсулотлари ҳақида кенг маълумотларни, хусусан суғурта мукофоти, суғурта товони, суғурта ҳодисаси каби тушунчаларнинг маъносини тушунтириш каби ишлар суғурта компаниялари олдида турган энг долзард вазифалар қаторига киради.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, қайсидир соҳани муҳокама қилишдан олдин уни чуқур ўрганиб, таҳлиллар асосида масалага тўғри ёндошган ҳолда, шаффоф фикр билдирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, кичик бир хато оқибатида катта маънавий зарар келиб чиқиши мумкинлигини унутмаслигимиз даркор, айниқса гап одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи, қолаверса мол-мулки билан боғлиқ бўлса.


21:24 11.06.2020
Фикрлар ёпилди