Бухорода Йўл патрул хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тунги рейд давомида карантин қоидаларига зид равишда ҳатти-ҳаракат қилиб, жамиятда жамиятда юриш-туриш қоидасини бузган аёллар маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХББ Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукруллаев маълум қилди.
- Карантин даврида, маълумки, тунги соат 20:00 га қадар шахсий зарурат сабаб автомашиналарнинг эркин ҳаракатига рухсат берилди. Шу имкониятлардан эса айрим фуқароларимиз бошқа мақсадларда фойдаланишмоқда. Тунги соат 02:30 дан ошган бўлишига қарамай, кечки маҳалда автомашинада хуфёна учрашиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, ҳуқуқбузарлик содир қилган аёллар сонининг ошаётгани таъбни хира қилади,-дейди У.Шукруллаев.
Тунги рейд давомидаги биринчи ҳолатга кўра, 21 ёшли Бухоро шаҳрилик фуқаро Н.Ж. ноқонуний равишда йўловчи ташиш билан шуғуллангани аниқланган. Н.Ж. фуқаро А.Д.ни кира ҳақи эвазига ўз манзилига олиб бориб қўймоқчи бўлган. Бироқ, Йўл патрул хизмати ходимлари томонидан автомашина тўхтатилганда, Н.Ж. йўловчи эмас, ўз никоҳидаги қизни олиб кетаётгани ҳақида ёлғон кўрсатма берган.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 176-прем, 3-моддаси (Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш) асосида ноқонуний равишда йўловчи ташиш билан шуғулланганлиги бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган ва транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.
Иккинчи ҳолатда эса жамиятда юриш-туриш қоидасини бузган аёллар ҳатти-ҳаракати мавжудлиги аниқланган. Йўл патрул хизмати инспекцияси ходимлари “Кобальт” русумли транспорт воситасини тўхтатишган. Автомашина салонида бўлган 5 нафар аёл йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ходимларига бўйсинмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатишган. Аёл ҳайдовчидан ўткир ҳидли спиртли ичимлик келиб турганига қарамасдан, у тиббий кўрикдан ўтмаслик учун инспекция ходимларига нисбатан ножўя ҳатти-ҳаракатда бўлиб, ножўя сўзлар ишлатиб, бўйин товлашган. Аёлларнинг фаол қаршилигига қарамасдан, ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтказилган. Натижага кўра, унинг спиртли ичимлик истъемол қилгани ва маст ҳолатда экани аниқланган.
Ҳолат юзасидан аёл ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисида Кодексининг 131-моддаси (Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) асосида жавобгарлик қўлланилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.