"Энди пулини тўламасангиз, электрдан маҳрум бўласиз": Мирзо Улуғбек туманида одамлар нега тўпланганига изоҳ берилди

"Энди пулини тўламасангиз, электрдан маҳрум бўласиз": Мирзо Улуғбек туманида одамлар нега тўпланганига изоҳ берилди

Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек электр таъминоти корхонасида электр энергияси учун тўлов мақсадида истеъмолчилар тўплангани тўғрисидаги хабар тарқалди.

"Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти Ахборот хизмати вазиятга изоҳ берди:

Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият, яъни карантин даврида халқимизга енгиллик яратиш мақсадида, электр энергиясидан қарздор (жисмоний) истеъмолчилар тармоқдан вақтинча ажратилмаслиги ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги кунларда , Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, карантин чоралари юмшатилганлиги боис   фойдаланилган электр энергиясидан вужудга келган қарздорликларни ортишига йўл қўймаслик мақсадида қарздор истеъмолчилар тармоқдан ажратилмоқда.

Шу муносабат билан истеъмолчилардан ишлатилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширилиши сўралди.

Фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни туман электр таъминоти корхоналарига ташриф буюрмасдан мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (U-Pay, Click, Payme, Paynet ва бошқалар) ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб ҳам амалга ошириш мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Маълум қилинишича, айни вақтда Мирзо Улуғбек электр таъминоти корхонасидаги вазият истеъмолчилар ўртасида олиб борилган тушинтириш ишлари натижасида тўлиқ бартараф этилган.


15:25 28.05.2020
Фикрлар ёпилди