Вазир ўринбосари: «Касалланиш ҳолатлари шу темпда ўсса, қатъий карантин қайтади»

Вазир ўринбосари: «Касалланиш ҳолатлари шу темпда ўсса, қатъий карантин қайтади»

Ўзбекистонда сўнгги кунларда карантинга олинмаган аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони кўпайди. Kun.uz мухбири Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев билан суҳбатда мамлакатдаги эпидемиологик вазият бўйича саволларга жавоб олди.

 Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини кузатилмоқда. Янги аниқланган беморлар кимлар ва вирус кўпайишига нималар сабаб бўлмоқда? Ҳозирда вазият қандай?

– Ҳақиқатан ҳам бутун дунёда мураккаб вазият кечмоқда. Aйни пайтда дунё бўйича 5 миллион 300дан ортиқ янги коронавирус ҳолатлари аниқланди. Кунига 100 мингдан ортиқ янги коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланяпти. Ўзбекистонда ҳам кунига 30-40та, айрим ҳолатларда 60та ҳолат тасдиқланмоқда. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида жуда кўп чекловлар киритилган эди. Шу сабабли Ўзбекистонда бошқа давлатлар билан таққослаганда вирусга чалиниш ҳолатлари камроқ бўлди. Лекин биз санитария қоидаларига риоя этмасак, вазият мураккаблашиб кетиши мумкин. Касаллик аниқланганлар сони кескин кўпайиб кетиши ҳам мумкин.

Aгар аҳолимиз карантин талабларига риоя қилмаса, биз вазиятни қўлдан чиқариб юборамиз.

 Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятларида коронавирус аҳоли орасидан аниқланмоқда. Бунга нима сабаб бўлмоқда? Юқиш занжири аниқланганми?

– Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда аҳоли орасидан вирусга чалинганлар аниқланмоқда. Санитария-эпидемиология маркази ходимлари томонидан ҳар бир ҳолат ўрганилмоқда. Унинг келиб чиқиш сабаби, қаердан келиб чиқаётгани аниқланяпти. Одамдан одамга юқиш ҳолатлари айнан ўзаро мулоқот сабабли келиб чиқмоқда. Бир одам 50-100 нафар одамни зарарлаши мумкин. Ҳар бир ҳолат бўйича ўрганиш олиб боряпмиз. Касалланган беморларни шифохонага ётқизяпмиз. Ўзбекистонда ҳар бир янги бемор дарҳол шифохонага ётқизилади. Бундан ташқари, у билан мулоқотда бўлган ҳар бир одам карантинга олинади.

 Вирус дастлаб четдан келган фуқароларда аниқланаётганди. Энди аҳоли орасидан аниқланяпти. Бизда вирус ўчоғи пайдо бўлдими?

– Биринчи ҳолат 15 мартда қайд этилди. Биринчи бемор билан мулоқотда бўлган инсонлар ҳам касалланган ва улар ўрнатилган тартибда шифохонага ётқизилди.

Нафақат бугунги кунда, балки олдин ҳам аҳоли орасида касалланганлар аниқланган. Олдинги ойларда бизда чекловлар қатъий эди. Шу туфайли вирус тарқалиши эҳтимоли камроқ эди. Бугунги кунда иқтисодиётни ривожлантириш, инқирозга дуч келмаслик учун чекловлар камайтириляпти. Энди биз янада масъулият билан ёндашишимиз керак. Тегишли тартибларни амалга ошириш талаб этилади.

 Янги ҳолатларда юқиш занжирлари аниқланганми?

– Aлбатта. Ҳар бир ҳолат бўйича занжир топилган. Кимдан, қаердан юқишини аниқ биламиз ва назорат ўрнатилган.

 Айрим вилоятларда пандемиянинг иккинчи тўлқини кўтарилмоқда. Бунинг сабабларини нималарда кўрасиз? Бу борада кимдир ёки қайсидир органга алоҳида жавобгарлик юкланиши мумкинми?

– Aҳоли орасида олдин ҳам тарқалган. Ҳозир кўпайди десак нотўғри бўлади. Вазият назоратга олинган. Яна таъкидлайман, ҳозирги кунда вирус тарқалиш эҳтимоли кўпроқ. Сабаби аҳолимиз карантин талабларига ва чекловларига риоя этмаслиги сабабли ушбу вазиятга келиб қоляпмиз. Қайсидир орган бунга жавобгар бўлади десак нотўғри бўлади. Бугунги кунда барча органлар бор кучини сафарбар қиляпти.

 Коронавирусга чалинаётганлар уйда ўтирган фуқароларми ёки ишлашига рухсат берилган фуқароларми?

– Тўғрисини айтиш керак, кўпроқ ишлаётган аҳоли ўртасида вирус аниқланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўз навбатида ишлаб келган аҳоли уйига келиб, оила-аъзоларига ҳам вирусни юқтириш ҳолатлари бор. Aсосан фаолиятига рухсат берилган фуқаролар орасида вирус аниқланмоқда.

Бугун ҳеч қайси ҳудуд «мен яшилман», «яшил ҳудудга кирганман» дейиши керак эмас. Нафақат ҳудуд, туман, маҳалла керак бўлса оила ҳам яшил ҳудудга кирганман дейиши мумкин эмас. 1 соатда эмас, бир зумда ҳам ўзгариши мумкин.

Навоий вилоятини «қизил» ҳудудга киритиш бўйича махсус комиссияга таклиф киритилган.

 Ҳозирда биз қанчалик хотиржамликка берилишимиз ёки янада ҳушёр бўлишимиз керак?

– Такрор айтаман. Aйни дамда биз умуман хотиржамликка берилишимиз керак эмас. Aлбатта ҳушёр бўлишимиз керак. Кузга бориб яна бир бор вирусга чалиниш тўлқини кузатилиши мумкин.

 Aҳоли орасидан вирус аниқланиш ҳолатлари шу тахлит давом этса карантин қоидалари қайтадан кучайтирилиши ва жорий этилиши мумкинми?

– Aлбатта. Президент томонидан сўнгги йиғилишда айнан шу масалаларда топшириқ ҳам берилди. Бу бўйича биз талаб ишлаб чиқдик. Махсус комиссияга киритяпмиз. Aгар касалланиш ҳолатлари шу тарзда давом этса, албатта, қатъий карантин чоралари қайтарилади.

Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz’нинг Youtube’dagi канали орқали томоша қилиш мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди


07:40 24.05.2020
Фикрлар ёпилди