Ўзбекистонда “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилади, фақат онлайн

Ўзбекистонда “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилади, фақат онлайн

Коронавирус пандемияси муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун дарслар онлайн тарзда ўтказилмоқда. Карантин талабларига кўра бу йил мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилмайдиган бўлди. Бу эса битирувчиларнинг кайфиятига салбий таъсир этиши мумкин. Чунки мактаб билан хайрлашув тадбири бир умр инсоннинг хотирасида сақланиб қоладиган ҳолатлардан биридир.

Ўқувчиларнинг кайфиятини кўтариш ва уларга ёқимли хотиралар тақдим этиш мақсадида UZREPORT TV ​ Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Сўнгги қўнғироқ” онлайн лойиҳасини ташкил қилишга қарор қилди.

“Сўнгги қўнғироқ” онлайн тадбирида мактаб директорлари, ўқитувчилар ва ота-оналар битирувчиларни байрам билан онлайн тарзда табриклашади. Шунингдек, битирувчиларнинг ўзлари ҳам жонли эфирда ўз дўстлари ва устозларига тилаклар билдириш имконига эга бўлишади. Ижтимоий тармоқлардаги ўз постларида #bitiruvchi_2020_online​ хештегидан фойдаланган ҳолда ҳар бир инсон ушбу байрамга қўшилиши мумкин.

Ва албатта тадбир ниҳоясида сўнгги қўнғироқ жиринглаб, “Хайр, мактабим” қўшиғи биргаликда куйланади.

“Сўнгги қўнғироқ — битирувчилар ва уларнинг оилалари доимо орзиқиб кутадиган анъанадир. Мавжуд вазият туфайли биз ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қарор қилдик, шу сабабли, мазкур тадбирни онлайн равишда ташкил этмоқдамиз. Умид қиламизки, бу тадбир мактаб ўқувчилари учун анъанавий байрамнинг ажойиб муқобили бўлиб, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларга позитив кайфият бахш этади”, — деди UZREPORT TV​ бош муҳаррири биринчи ўринбосари Алишер Азимов.
Тадбирни 25 май куни соат 08:30 да UZREPORT TV​ да ҳамда телеканалнинг Facebook ва YouTube саҳифалари орқали жонли эфирда томоша қилиш мумкин.


17:35 23.05.2020
Фикрлар ёпилди