Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашмоқда, аммо...

Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашмоқда, аммо...

Россия президенти Владимир Путин 22 май, жума куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарорлашганини маълум қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

«Келиб тушаётган объектив маълумотларга кўра, мамлакатда вазият барқарорлашмоқда: эпидемия билан биринчи тўқнаш келган Москвада ҳам, Россиянинг бошқа кўплаб ҳудудларида ҳам ҳар кунлик аниқланаётган янги касалланиш ҳолатларининг сони доимий равишда камаймоқда», — деб таъкидлади Путин.

Бироқ Путин мутахассислар томонидан истисно қилинмаётган ва кузда юз бериши мумкин бўлган касалликнинг иккинчи тўлқинига тайёр бўлиш кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

Ўз навбатида, Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикованинг маълум қилишича, сўнгги ҳафтанинг тезкор маълумотларига кўра, май ойида касалликдан юзага келадиган ўлим кўрсаткичининг жиддий ошиши кутилмоқда. Унинг қайд этишича, ҳозирги вазиятга оптимистик қараш мумкин.

«Умуман, биз ҳеч қачон Россияда ўлим билан боғлиқ вазиятни яширмаганмиз, бироқ биз ҳозир кўриб турган вазият ўлим даражасига оптимистик қарашга имкон беради», — деди Голикова.

Аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин ҳам май ойида шаҳарда ўлим кўрсаткичи ошишидан огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Москвада амалдаги чекловлар режимини сақлаб туриш керак.

Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда пандемия бошланганидан буён 326 448 киши коронавирусга чалинган. Умумий ҳисобда 3249 нафар бемор вирус қурбони бўлган. Касалликдан тузалганларнинг умумий сони 99 825 нафарга етган.


03:00 23.05.2020
Фикрлар ёпилди