Депутат Алишер Қодиров «мени сайламагансиз» деган комментини ўчириб ташлади

Депутат Алишер Қодиров «мени сайламагансиз» деган комментини ўчириб ташлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари — парламентдаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Facebook ижтимоий тармоғида Олтинсойдаги воқеалар юзасидан қолдирган пости остидаги зиддиятли комментни ўчириб ташлади.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги «Халқобод» маҳалласида 14 февраль куни аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида тўқнашув юз берган, оқибатда бир фуқаро ва икки нафар ички ишлар ходими тан жароҳати олган эди. Ушбу ҳодисага муносабат билдираркан, депутат Алишер Қодиров уни «бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши» деб атаган ва «ушбу жиноят... айбдорларига кескин жазо белгиланиши керак»лигини такидлаган эди.

Унинг шу мазмундаги пости Facebook’да муҳокамаларга сабаб бўлгани, хусусан, фойдаланувчилардан бирининг: «Сиздан нима кутиш мумкин? Халқни айблаш осон. Ҳақиқий депутатлар сайланмагунча, шу аҳвол», деган комментига жавобан: «Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли», мазмунида қолдирган жавоби ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Скриншот: Алишер Кадиров / Facebook

Маълум бўлишича, депутат айнан шу комментини Facebook’дан ўчириб ташлаган (аммо скриншотлар қолган ва улар ижтимоий тармоқларда айланишда давом этмоқда). «Миллий тикланиш» демократик партияси матбуот хизматидан «Gazeta.uz»га маълум қилишларича, партия раҳбари ҳисобланган Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига постларни ўзи қўяди ва комментларга ҳам шахсан ўзи жавоб қайтаради.


09:17 17.02.2020
Фикрлар ёпилди