Islom.uz портали маълумотига кўра, бу Мусҳаф Мадина Мусҳафининг нусхаси асосида, расми Усмонийда, имом Ҳафснинг имом Осимдан қилган ривоятига кўра ҳамда хаттот шайх Усмон Тоҳонинг хатида тайёрланган. Қуръони Каримнинг ушбу нусхасини кўрикдан ўтказиш, завобитларини қўйиш ва тадқиқ этиш ишлари Сурия Араб Республикаси «Мусҳаф битиш илмий ҳайъати»нинг собиқ раҳбари, шайх, ҳофиз Яҳё Муҳаммад Носиҳ бошчилигидаги мутахассислар тарафидан амалга оширилган.
У Исмоил Муҳаммад Содиқ раҳбарлигидаги «Hilol-nashr» нашриёт-матбаасида «Ғавсоний» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган.
«Қуръони Карим яна 20 минг нусхада, янги кўринишда сотувга чиқарилади»
«Хабарингиз бор, «Hilol-nashr» нашриёти 2018 йилдан буён Қуръони Карим — Мусҳафи шарифни нашр этиш ишларини бошлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистонда Қуръон чоп қилинмаган, шунинг учун ҳам бунга эҳтиёж жуда катта эди. Умумий ҳисобда ҳозирги кунгача 75 минг ададда Қуръони карим чоп қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борди.
Бугун нашриёт томонидан яна 20 минг нусхада Мусҳаф сотувга чиқарилди. Юртдошларимиз Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги жами ўнта дўкондан сотиб олишлари мумкин.
Жорий йил биринчи чорагида Мусҳафи шариф яна 20 минг ададда, янги кўринишда сотувга чиқарилади. Ҳозирда чоп қилиш ишлари кетмоқда. У ҳозиргидан бироз кичикроқ кўринишда, янаям чиройли шаклда ўқувчилар қўлига етказиб берилади, иншааллоҳ», дейди нашриёт ходими Ёрқинжон Ҳайдаров.
«Аллоҳга беадад шукр, шундай замонларга келдик»
Навбатдаги нашрни ҳам халқимиз қизғин кутиб олганини, биргина, Мусҳаф олиш учун юзага келган навбатдан ҳам билиб олиш мумкин. Каломи шарифни Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги «Hilol-nashr» китоб дўконларида харид қилиш мумкин. Китоб 35 минг сўм қийматда сотилиши белгиланган.
Қуръони Карим сотиб олиш учун навбатда турган, қўлига Аллоҳнинг каломини ушлаб турганидан қалби қувончда бўлган ватандошларимизни суҳбатга тортдик.
«Ушбу китоб — каломи шарифни олганимдан жуда бахтиёрман. Аллоҳ барча мўминни ўзининг ихлос ва иймони билан мукофотласин. Доимо ният қилардимки, Аллоҳнинг каломини ўқисам, хатм қилсам, ўзимни бахтли деб ҳисоблардим», — дейди Қашқадарё вилоятидан келган юртдошимиз.
«Уйимизда бир дона Қуръонимиз бор. Беш яшар қизим бор ва у билан Қуръони Каримни галма-гал ўқишда қийинчиликка дуч келардик. Мана, бугун Қуръони Карим сотиб олдик ва энди иккаламиз бир хил нусхадан ўқиб, дарс қилишимизга шароит бўлади, иншааллоҳ. Ушбу Мусҳафни нашр этишда хизмат қилган барчадан Аллоҳ рози бўлсин!» — дейди харидорлардан бири.