Депутатларни мажлисмен десак бўлмайдими?

Депутатларни мажлисмен десак бўлмайдими?

Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев телеграмдаги канали орқали журналистларга қулай бўлиши учун баъзи атамаларни ўзгартиришни ҳақида пост ёзди. Унинг фикрларини қуйида тўлиқлигича ўқишингиз мумкин.

“Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси аъзоси (депутати) мажилисмен дейилади. Худди АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси аъзолари конгрессмен дейилгани каби.

Биз ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини мажлисмен десак бўлмайдими, а? Масалан, бирор депутат қовун туширган бўлса, у шунчаки қандайдир кенгаш депутати эмас, кимсан парламент депутати эканини билдириш учун камида: «Қонунчилик палатаси депутати Фалончижон Пистончихонов» деб ёзиш керак, болохонадор қилиб. Ўрнига: «Мажлисмен Фалончижон Пистончихонов» дейилса, сарлавҳадан қанча ортиқча сўз чиқиб кетади.

Яна, шу «Энди Ўзбекистонда милиция деган атама йўқ» деган валломатлар «ички ишлар органи ходими» деган узундан-узоқ касб номига бир сўз муқобил топиб берса яхши бўларди. Ё ички ишлар тизимидаги ислоҳотни тўла якунлаб, уни полиция деб эълон қилиб юборишсин (шунда одамлар: «ички ишлар органи ходими» деб қийналмай, «полициячи» дейди-қўяди), ё бошқача, миллий қадриятларимизга мос ном таклиф қилишсин.

Бирор жойда миршабни калтаклашса, «милиционер калтак еди» деб ёзишга одам ҳижолат — «милиция» бўлмаганидан кейин «милиционер» ҳам йўқ, унинг ўрнига «ички ишлар органи ходими» деб ёзсанг, сарлавҳа тўрт қатор бўлиб кетяпти...

Ёки, ҳурматли ОАВ ходимлари, ўзимиз бошлайлик — депутат Кушербаевни «мажлисмен Кушербаев» деб аташни, «Хоразмда ички ишлар органи ходими бир аёлни уриб ўлдириб қўймаган» дейиш ўрнига «Хоразмда полициячи бир аёлни уриб ўлдириб қўймаган», деб ёзишни. Ахир, мана, Президент кортежининг бошида юрадиган мотоциклчиларнинг улови пешонаси police деб ёзилган; туристик объектлар атрофида юрсанг, tourism police юрибди. Иккитаси полиция бўлганидан кейин, қолгани ҳам полиция-да, тўғрими?

Бу энди иш давомида хаёлга келган фикрлар. Ўзбекистондаги энг долзарб муаммолар эмас. Шунчаки фикрлар. Баъзан шунақаси ҳам бўлади”.


21:45 20.09.2019
Фикрлар ёпилди