Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли таътилга чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазирлик ва Президентликдаги илк таътили экани таъкидланяпти. Яъни, Шавкат Мирзиёев 17 йил ичида – 14 йил Ҳукумат раҳбари ва 3 йил давлат раҳбари сифатида бирор марта таътилга чиқмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.
Яна бир жиҳат борки, у барчада қизиқиш уйғотади. Президент таътилда бўлганида унинг вазифасини ким бажаради. Конституциянинг Ўзбекистон Республикасининг Президенти тўғрисидаги XIX бобида давлат раҳбарининг таътили ҳақида бирор банд келтирилмаган.
"Qalampir.uz"га кўра, бобдаги 96-моддада Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши белгиланган, холос.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2003 йил 13 декабрдан 2016 йил 14 декабргача Бош вазир сифатида фаолият юритган. 2016 йилда ўтказилган сайловлар натижасига кўра, Ўзбекистон Президенти бўлди. Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлишдан аввал Самарқанд ва Жиззах вилоятларига ҳокимлик қилган.